“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши асосида мамлакатимизда март-апрель ойлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди. Ойлик доирасида 11-12 март кунлари Республикамизнинг барча жойларида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши белгиланди.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш бўйича қабул қилинган “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг буйруғига биноан компания ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятлари, корхона ҳамда ташкилотларда ҳайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Озодалик тадбирида компаниянинг барча ходимлари фаол иштирок этди ва режага мувофиқ, компания ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятлари, корхона ҳамда ташкилотлар ҳудудлари тартибга келтирилди, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар тозаланди, дов-дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилди.

Қолаверса, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, боқувчисини йўқотган ходимлар оилаларининг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилди.